• +99874 223-43-67

info@astiedu.uz

Президент ташаббуслари — ёшлар келажаги учун мустаҳкам пойдевор

  • event
    Author:

    Matbuot

  • Date:

    01-03-2026

  • Count:

     353

blog

Президент ташаббуслари — ёшлар келажаги учун мустаҳкам пойдевор

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида энг аввало инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари, айниқса ёшлар келажаги, уларнинг билим ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш турибди. Давлатимиз раҳбарининг куни кеча ёшлар билан ўтказган мулоқотида илгари сурилган ташаббуслар ва белгилаб берилган вазифалар олий таълим тизими учун аниқ стратегик йўналишни белгилаб берди.

Президентимиз таъкидлаганидек, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, инновацион ғояларини амалга ошириши ва муносиб иш ўрнига эга бўлиши — давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу ёндашув олий таълим муассасаларидан фақат рақам эмас, балки аниқ сифат ва барқарор натижа талаб қилади.

Андижон давлат техника институти жамоаси учун ҳам мазкур вазифаларни ўз фаолиятининг бош мезони деб билади. Бугунги кунда институтимизда муҳандислик, ахборот технологиялари, энергетика, саноат ва бошқа устувор соҳалар бўйича 9 889 нафар талаба таҳсил олмоқда.

2026 йилда 1991 нафар битирувчи институтни тамомлаши режалаштирилган. Шу битирувчилардан 1 097 нафари ҳозирги кунда иш билан таъминланган. Бу кўрсаткич таълим жараёнининг меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштирилаётганини кўрсатади. Бироқ ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина.

Президентимиз таъкидлаганидек, ёшларнинг бандлиги — иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий адолатнинг асосий шартидир. Шу боис битирувчиларни ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни янада кучайтириш ва ҳар бир талабанинг меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишини таъминлаш устувор вазифамиздир.

Бунинг учун таълим дастурлари доимий равишда қайта кўриб чиқилмоқда, корхоналар билан ҳамкорликда қўшма ўқув режалари ишлаб чиқилмоқда ва соҳавий амалиёт базалари кенгайтирилмоқда.

Бандлик масаласини ҳал этишнинг энг самарали механизмларидан бири — дуал таълим тизими ҳисобланажи. Айни пайтда институтимизда 1 250 нафар талаба ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда таҳсил олмоқда.

Бу тизим талабаларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш, уларни иш муҳитига мослаштириш ва мутахассис сифатида тайёр ҳолда меҳнат бозорига чиқишини таъминлайди. Келгусида дуал таълим қамровини янада кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва амалиёт самарадорлигини ошириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари учрашувда ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди. Институтимизда бу йўналишда аниқ амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Келажакка қадам” дастури доирасида 2024/2025 ўқув йилида 26 та лойиҳага 2 миллиард 95 миллион сўм маблағ ажратилди. 2026 йилнинг дастлабки икки ойида эса 12 та лойиҳа молиялаштирилди, 4 та лойиҳа амалга ошириш босқичида.

Бу рақамлар ортида талабаларимиз ва ёш тадқиқотчиларимизнинг янги ғоялари, ишланмалари ва иқтисодиётга қўшилаётган ҳиссаси турибди. Эндиги вазифа — ушбу лойиҳаларни амалиётга жорий этиш, уларни ишлаб чиқариш билан интеграциялаш ва қўшимча қиймат яратадиган маҳсулотларга айлантиришдир.

Ёшлар сиёсати фақат таълим ва иқтисодий фаоллик билан чекланмайди. Жисмоний соғломлик ва маънавий барқарорлик ҳам муҳим омиллардан биридир.

Институтимизда ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 18 та спорт тури бўйича барча шарт-шароитлар яратилган. Айни пайтда 3 000 нафардан ортиқ талаба спорт клуби фаолиятига жалб этилган.

Куни кеча берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, институт атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшларни ҳам спорт тўгараклари ва мусобақаларга кенг жалб этиш орқали ушбу кўрсаткични 4 000 нафарга етказиш режалаштирилмоқда.Шунингдек, спорт турлари сонини 20 тадан ошириш бўйича иш олиб борилмоқда.

Биз бугунги натижалар билан чекланмаймиз. Аксинча, юртбошимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар бизни янада масъулиятли ишлашга ундайди.

Президент ишончи — биз учун юксак масъулиятдир. Ёшларга яратилаётган имкониятларни реал натижага айлантириш, ҳар бир талабанинг салоҳиятини очиш ва унинг келажагини таъминлаш — институт жамоасининг устувор вазифаси ҳисобланади.

Биз ушбу масъулиятни теран англаган ҳолда, белгилаб берилган вазифаларни астойдил ва изчил амалга оширишга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Умид Турдиалиев,

Андижон давлат техника институти ректори



Sayt haqida

Saytdagi ma'lumotlar uchun mualliflar javobgar. Har qanday foydalanish saytga ochiq havola ko‘rsatish sharti bilan ruxsat etiladi. Internet nashrlar ma'lumot ko‘chirganda, qidiruv tizimlari uchun erkin va ochiq havola qo‘yishi shart, havola qisman yoki to‘liq foydalanilganda ham ko‘rsatilishi lozim.